Жамбулдаги фожиа: қурбонларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари эмас
Жамбул областининг Қордай тумани ҳудудида, «Олмаота-Тошкент» автойўлининг 181-километрида йўловчи автобус ағдарилиб кетиши оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқароларидан ташқари, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда Қозоғистон ИИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда Tengrinews хабар тарқатди.
«Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлганларнинг 7 нафари Қозоғистон, 3 нафари Ўзбекистон фуқароси, яна бир кишининг шахси аниқланмади. Жабрланган ҳолда шифохонага ётқизилганлар орасида эса Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бор», дейилган хабарда.
20 апрель куни тонгда, маҳаллий вақт билан соат 05:09да Қозоғистон жанубидаги Жамбул области Қордай тумани ҳудудида, «Олмаота—Тошкент» трассасининг 181-километрида Van Hool русумли йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Автобусдан олдинда кетаётган Toyota Camry автомобили юк машинаси билан тўқнашгач, ҳайдовчиси тўқнашувдан қочишга уринган ва автобус ағдарилиб кетган.
Ҳодиса жойида 8 киши ҳалок бўлган, 32 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган, кейинроқ уларнинг 3 нафари вафот этган.
Дастлаб, Ўзбекистон ТИВ Жамбулдаги ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар Ўзбекистон фуқаролари эканини тасдиқловчи ахборот йўқлиги, жароҳатланганларнинг 7 нафари ўзбекистонликлар экани ҳақида хабар берганди.
Кейинроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев твиттердаги расмий саҳифасида Жамбулдаги фожиа ҳақида хабар қолдириб, бу ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг 11 нафар фуқароси ҳалок бўлганини билдирганди.
Кейинроқ у твитини ўчириб ташлади ва саҳифасига воқеа бўйича бошқа твит жойлаштирди.
«Қордайдаги трассада рўй берган йирик ЙТҲ оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Шунингдек, кўплаб кишилар жароҳатланган. Уларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман. Ўзбекистон Президентига телеграмма йўлладим. Йўлларимиздаги вазият хавотирли, бу ҳақда ИИВдаги йиғилишда ҳам гапиргандим. Ҳукуматга кечиктириб бўлмас чораларни кўриш ҳақида топшириқ бердим!».
Ҳозирча Ўзбекистон ТИВ Жамбулдаги ҳодиса тафсилотлари бўйича кейинги хабарни бермади.
Айни вақтда Ўзбекистоннинг 7 нафар фуқароси тан жароҳатлари билан Ўтрор ва Қордайдаги шифохоналарга ётқизилган.
Ўтрордаги шифохонага ётқизилганлар:
Марҳамат Жуманиёзова, 1996 йилда туғилган, Хива шаҳридан;
Роҳила Аҳметова, 1994 йилда туғилган;
Шодлик Мақсудович Жабборов, Хива шаҳридан;
Отабек Абдуллаевич Матжонов, 1985 йилда туғилган, Қорақалпоғистондан;
Сардор Анорбой ўғли Ҳайдаров, 1994 йилда туғилган.
Қордайдаги шифохонага ётқизилганлар:
Исломиддинов Абухаттар ўғли, 1997 йилда туғилган;
Зоводбек Муҳаммаджонов, 1999 йилда туғилган.