Чинозда «янги Аҳмадбой» пайдо бўлди.
(last modified Sun, 21 Apr 2019 09:08:06 GMT )
апрел 21, 2019 14:08 Asia/Tashkent
  • Чинозда «янги Аҳмадбой» пайдо бўлди.

Чинозда пайдо бўлган «янги Аҳмадбой» 350 кишидан 3 млрд сўмдан ошиқ пул тўплашга улгурган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги департаментининг Чиноз туман бўлими томонидан яна бир молиявий пирамида ташкил этган шахс қўлга олинди. Босит Хўжаев (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳам пул топишнинг осон ва ноқонуний йўлини танлаб, фуқароларнинг ишончига киради.

У «Аҳмадбой сценарийси» асосида фуқаролардан пул, автомашина, қорамол ва бошқа қимматли буюмларни икки баробар қилиб қайтариш эвазига қабул қилиб олаверган. Вақт ўтгани сайин унинг «мижоз»лари ҳам кўпайиб бораверади. Айнан шунинг ҳисобига Б.Хўжаевнинг фаолияти кенгаяверади.

Ишни шу тариқа давом эттирган Аҳмадбойнинг издоши қисқа вақт ичида 3 миллиард 42 миллион 302 минг сўм пул йиғишга эришади. Мазкур маблағларни легаллаштириш мақсадида дастлаб Samara Group масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилади ва банкдан ҳисоб рақам очиб, жиноий фаолиятдан олинган 402 миллион 472 минг сўм маблағни «молиявий ёрдам» сифатида киритади. Ташкил этилган МЧЖга 8 дона Nexia русумли автомашина сотиб олади.

Йиғилган маблағнинг 248 миллион 996 минг сўмини эса Elegant Stroy акциядорлик жамияти ташкил қилиб, унинг низом жамғармасини шакллантириш учун банкдаги ҳисоб рақамига киритади. Мазкур маблағ ҳисобидан яна республикада ишлаб чиқарилган 12 та турли русумдаги автомобилларни харид қилади.

Жамиятларга киритилган улушлардан ортганига ўзи учун турли кўчмас мулк объектлари, яъни турли бўш бинолар, қум олиш карьерлари харид қилади.

Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, бу шахсга пул берганлар сони салкам 350 нафарни ташкил этган.