Мухолифат фаоли Насрулло Саййид Ўзбекистонга киритилмади
(last modified Tue, 23 Apr 2019 10:48:08 GMT )
апрел 23, 2019 15:48 Asia/Tashkent
  • Мухолифат фаоли  Насрулло Саййид Ўзбекистонга киритилмади

Мухолифат фаоли Насрулло Саййид 13 йилдан буён Канадада истиқомат қилади

20 апрель оқшомида Канаданиннг Эдмонтон шаҳридан Истанбул орқали Тошкентга учиб борган Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, мухолифатдаги "Эрк" партиясининг фаоли Насрулло Саййид Ислом Каримов халқаро аэропортида тўхтатилиб, 21 апрель тонгида Ўзбекистондан чиқариб юборилди.

Насрулло Саййид Канада фуқаросидир.

Насрулло Саййид 13 йилдан буён Канадада истиқомат қилади.

61 яшар Насрулло Саййиднинг айтишича, Истанбулдан парвоз қилган самолёт Тошкентга қўнгач, уни Ислом Каримов номидаги аэропортнинг паспорт назоратидан ичкарига ўтказишмаган:

- Ўша ердаги офицер паспортимни қўлига олганидан кейин, менга бир қарадида, столидан бир нарсаларни излаб, қандайдир рўйхатними, билмадим, бир нарсани кўрди. Кейин менга қараб: "Чеккага ўтиб туринг", деди. Бошқаларни ўтказиб юборди. Чеккада тургандим икки минут ўтмасдан икки киши келди-да қўлимдан ушлаб: "Ака бу ёққа юринг, мана бу хонага кирамиз, сиз билан 15 минутлик суҳбат бор" деди.

Насрулло Саййид ваъда қилинган "15 дақиқалик суҳбат" 12 соатга чўзилганини айтди. Бир соатча давом этган дастлабки суҳбатдан кейин чегара ходимлари уни аэропорт ертўласида жойлашган махсус хонада тонгга қадар ушлаб турганлар:

- Бир совуқ хонага олиб кирди. Хонада бир кровать қўйилган. "Мана шу ерда ўтириб турасиз, сиз билан суҳбат бўлади, деди .

Насрулло Саййидга кўра, хонада экан, ундан Канадага нима учун боргани ва нима учун яна Ўзбекистонга қайтгани ҳақидаги "бачкана" саволлар берилган:

- Униси киради шунақа саволларни беради, буниси келади, лекин кимлигини ҳам айтмайди. Қачон бу саволларингиз тугайди десам, тепадан буйруқ шунақа, шу ерда ўтириб турасиз, дейди, - деди Насрулло Саййид.

Насрулло Саййидга кўра, хавфсизлик мулозимлари уни аэропорт ертўласида 12 соатдан кўпроқ вақт давомида ушлаб турганлар ва сўнгра яна Истанбулга парвоз қилаётган самолётга ўтказиб, ортга қайтариб юборганлар:

- Қаердандир наряд олиб келган. Милисалар қатооор турибди. Қўлларида пистолетлари бор. Коридорни ичидан мени олиб борди-да  самолётга ўтқазишди.

Насрулло Саййид Ўзбекистон парламентининг собиқ халқ депутатидир.

У 1990 йиллар бошида мухолифатдаги "Эрк" демократик партиясининг Бухоро вилоят бўлими бошлиғи бўлган.

Насрулло Саййид 2017 йилда Президент Мирзиёевдан Ўзбекистонга қайтишга изн беришни сўраганди.

Ўшанда Насрулло Саййид ундан асоссиз равишда Ўзбекистон фуқаролиги олиб қўйилганини айтганди.

Унинг  айтишича, 2005 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетишига ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг қўшиқларини тарқатгани ҳақидаги айбловлар сабаб бўлган.

Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан 45 та мамлакат, шу жумладан Канада фуқаролари учун Ўзбекистонга кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланган.