Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги авиа қатновлар тўғрисидаги битим кучга кирди
(last modified Wed, 01 May 2019 05:41:08 GMT )
май 01, 2019 10:41 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги авиа қатновлар тўғрисидаги битим кучга кирди

Бугундан бошлаб Ўзбекистон ва Франция ҳукумати ўртасида 2016 йил 20 июль куни Тошкент шаҳрида имзоланган Авиа қатновлар тўғрисидаги битим кучга кирди.

Битим икки давлатнинг белгиланган авиа ташкилотлари ўртасидаги халқаро ҳаво қатновларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш масалаларини тартибга солади.

Ҳужжат қоидаларига кўра, ҳар бир томоннинг белгиланган авиа ташкилотлари иккинчи давлат ҳудудида келишилган пунктларда қўнишни амалга ошириш ва уларнинг ҳудудларидан қўнмасдан учиб ўтиш учун тегишли ҳуқуқлардан фойдаланади.

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳаво қатновларини ривожлантириш мақсадида битимда авиа ташкилотларга доимий қатновларни амалга оширишни таъминловчи ва божхона йиғимлари, солиқ ва бошқа тўловлардан озод этувчи имтиёзлар ўзаролик асосида тақдим қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари битимда авиация соҳасидаги хавфсизлик ва икки мамлакат авиация ташкилотлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган баҳсларни ҳал этиш меъёрлари ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилишнинг бошқа шартлари белгилаб қўйилган.