Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев Гулнора Каримова билан учрашди
Жорий йилнинг июнь ойида Омбудсман бошчилик мониторинг гуруҳи Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган №21-сонли аёллар учун умумий тартибли колонияга ташриф буюрди. Гуруҳ таркибида Омбудсманнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги эксперти ҳам иштирок этди. 2017 йилдан буён мазкур колонияда бўлиб турган маҳкумалардан Омбудсман номига 203та мурожаат келиб тушган.
Омбудсман томонидан 700дан зиёд судланган аёллар билан жамоавий учрашувлар ўтказилган. Уларга судланганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган чоралар етказилди, бу жараёнларда Омбудсман институтининг роли тушунтирилди. Келиб тушган мурожаатларга кўра, Омбудсман томонидан 87 нафар аёл шахсан қабул қилинган. Мурожаатлар асосан маҳкумаларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини таъминлаш, қариндошлари билан алоқа ўрнатилишида ёрдам кўрсатиш, шунингдек мулк ва моддий ҳуқуқларга доир масалаларда бўлган.
Омбудсманнинг муассасага ташрифи давомида у шу муассасада бўлиб турган Гулнора Каримова билан ҳам учрашган. Суҳбат давомида Гулнора Каримова муассасанинг тиббий шахсий таркибига ўз вақтида кўрсатилаётган тиббий ёрдам ва эътибор учун миннатдорчилик билдирган.
«Ўрганиш жараёнида муассасада Гулнора Каримовани тиббий кўрикдан ўтказиш учун кардиология, неврология, гастроэнерология, эндокринология ва гинекология соҳасидаги етакчи мутахассислар жалб қилингани қайд этилган. Айрим махсус кўриклар ИИВнинг марказий госпиталида ўтказилган. Врачлар кўрсатмасига асосан у тизимли равишда зарур тиббий препаратларни олиб турибди. Бугунги кунда Гулнора Каримованинг умумий ҳолати қониқарли, у соғлом овқатланиш рационини қабул қилмоқда», — дейилади Омбудсман ҳисоботида.