Финляндиядан 139 нафар Ўзбекистон фуқаролари депортация қилинган
Финляндия мамлакати Миграция хизмати жорий йилнинг баҳор ва ёзида 139 нафар Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юборилганини маълум қилди.
Олдинроқ 140 нафарга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳақида хабарлар тарқатилганди.
Yle’нинг миграция хизмати маълумотларига асосланиб хабар беришича, яқин кунларда яна 219 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинади.
Бундан ташқари, яна 258 нафар Ўзбекистон фуқаросига мамлакатда ишлашга рухсат берилмаган. Олти ой ичида 42 нафар ўзбекистонлик Финляндияда ишлаш ҳуқуқига эга бўлди.
Миграция хизматининг маълум қилишича, қарор Финляндияда иш излаётган ўзбекистонликлар сохта дипломларни тақдим этгани аниқланганидан кейин қабул қилинган. Финляндияда Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти қурилиш ишлари билан шуғулланганлиги сабабли, бу қурилиш техникумини тугатганлиги тўғрисидаги дипломлардир.
«Қурилиш техникумини тамомлаганлик ҳақидаги биринчи сохта дипломлар хизмат томонидан 2015 йилда аниқланган. 2016 йилда бир нечта бўлган бўлса, 2017 йилда у янада кўпайди, 2018 йилдан эса юзлаб ҳолатлар кузатилди», - дейилади маълумотда.