Фарғона вилояти ҳокимлиги : Шўҳрат Ғаниевнинг сўзлари нотўғри талқин қилинган
(last modified Mon, 30 Sep 2019 06:59:19 GMT )
сентябр 30, 2019 11:59 Asia/Tashkent
  • Фарғона вилояти ҳокимлиги : Шўҳрат Ғаниевнинг сўзлари нотўғри талқин қилинган

Фарғона вилояти ҳокимлиги бу вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг вилоятдаги иш жойларида намоз ўқишга шароит яратиладиган ҳолатлар аниқланса, ўша корхона раҳбарига жиноят иши очилиши ҳақида айтган гапларининг аудиоёзувига муносабт билдирди.

Дарё сайтига кўра,шу кунларда BBC ва «Озодлик» радиолари Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ишчи йиғилишдаги сўзларини тарқатмоқда.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати шуни маълум қиладики, уларда нотиқнинг сўзларидан ўзгача маъно излаб, бузиб талқин қилиш ҳоллари рўй бермоқда.

Ўзбекистонда бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам улкан ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳарлари ҳамда вилоятнинг барча туманлари, чет қишлоқлари янгича қиёфа касб этмоқда. Кўплаб ҳорижий мамлакатлар компания ва тадбиркорлари вилоятга тўғридан тўғри киритаётган инвестиция ҳажми кундан кунга ортиб бормоқда. Мамлакат экспорт ҳажмидаги Фарғона вилояти улуши салкам 40 фоизга етиб қолди. Ўнлаб ижтимоий соҳа объектлари қуриб фойдаланишга топширилди. Олий таълим ўқув юртлари эса бештадан ўнтага етди. Бу каби ислоҳотлар туфайли эришилган натижалар ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин энг муҳими, халқимиз рўй бераётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётганлигидир.

Бундай жараён ўз-ўзидан рўй бераётгани йўқ. Масалан, Ўзбекистон Конституциясига кўра дин давлатдан ажратилган. Давлат, давлат хизматчилари дин ниқобидаги айрим ноқонуний хатти-ҳаракатларга бефарқ қараб туролмайди. Шу йилнинг ўзида бир гуруҳ тарғиботчиларнинг ‘фаолияти’ туфайли бир қанча фуқаролар Сурияга йўл олаётган чоғи қайтарилди. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, тарғиботчилар диний аҳкомларни пеш қилиб, уларни дастлаб соқол қўйишга ундаган. Аҳли аёлларини эса ҳижобга киришга мажбурлаган. Улар Сурия жанггоҳларидан нимани кўзлаганди? Бу ерда ёлғиз қолган фарзандлари келгусида қайси йўлни танлар эди?

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев навбатдаги йиғилишда асосий мавзудан чекиниб, аслида маъносига етмай туриб беўхшов соқол қўйиш, ҳижобга кириш, ташқи қиёфани ўзгартириш муқаддас динимизнинг ҳақиқий талабларини акс эттирмаслигидан куйиниб гапирганида баъзи бир қўпол ибораларни ҳам ишлатган. Аммо вилоят раҳбари озод ва обод ватанимизнинг ҳар бир фуқароси шу азиз юртга, унинг миллий қадрият ҳамда урф-одатларига муносиб ташқи қиёфа эгаси бўлиши кераклигини назарда тутган. Афсуски, жойларда беўхшов соқол қўювчилар, миллий маданият ва маънавиятимизга номуносиб шаклда ўзга халқлар урф одатига амал қилиб рўмол ўрайдиган ва кийинадиганлар учраб туради. Ҳокимнинг куйиниб гапирган сўзлари, аввало, уларга қаратилган.

Шуҳрат Ғаниевнинг бозорларга ноқонуний йўллар билан миллатимизга мос бўлмаган диний либосларни келтириб сотаётган тадбиркор ва бозор раҳбарларга нисбатан талабчанликни кучайтириш, террористик ташкилот сифатида фаолияти тақиқланган диний оқимларни танқид қилиши, Риштон «Барака» бозорида тақиқланган адабиётлар савдоси билан шуғулланаётганларга қонуний чора кўришни талаб қилгани, расмий учрашувларда иштирок этадиган журналистлар, шаҳар, туманларда бўладиган йиғилиш қатнашчилари муносиб кийимда бўлишини, шунингдек, реклама баннерларидаги одамлар суратлари миллий қадриятларимизга хос ташқи кўринишда акс эттирилиши лозимлигини эслатгани, шифохонада даволанаётган беморлар очиқ, сочиқ кийимда ётганлигини танқид қилгани, фарзандига исм қўйишда дунё халқларининг лаънатига учраган террористларнинг исмини эмас, миллатимизнинг буюк вакиллари номи билан аташни тавсия этгани, айниқса, ёшларнинг соч қўйишда оммавий маданият таъсирига берилмаслиги ҳамда мамлакатимизда эркин диний эътиқод учун яратилган шароитларни қадрлаш ва яна бошқа мавзулардаги мулоҳазалари, авваламбор, вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилгандир. Бу фикрларга ўзгача ёндашув ва урғу бериш, вилоят ҳокимининг сўзларидан бошқача маъно излаш адолатдан эмас.

Шуни маълум қиламизки, хорижий ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги билдирилган фикр-мулоҳазаларни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, ҳокимлик мутасаддилари ўрганиб, тегишли хулосалар чиқардилар.