Ҳукумат нон нархининг сунъий равишда ошиб кетиши олдини олувчи қарор қабул қилди
(last modified Tue, 15 Oct 2019 11:32:29 GMT )
октябр 15, 2019 16:32 Asia/Tashkent
  • Ҳукумат нон нархининг сунъий равишда ошиб кетиши олдини олувчи қарор қабул қилди

“Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди (866-сон, 14 октябрь, 2019 йил).

Қарор матнида жорий йилда 7 млн тоннадан ортиқ ғалла етиштирилгани, жорий йил ҳосилидан қабул қилинган ғалланинг ўртача харид нархи бир тоннаси учун 1 420 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан деярли икки баробарга ошгани таъкидланди.

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги ташкилотлар томонидан 2018 йилда 1 470 минг тонна ва 2019 йилнинг 9 ойида - 1077 минг тонна ун ишлаб чиқарилган, шунингдек, 2018 йилда тадбиркорлар томонидан 650 минг тонна ун ва деярли 2,3 млн тонна дон, 2019 йилнинг 9 ойида эса 345 минг тонна ун ва 1,7 млн тонна ғалла импорт қилинди.

“I нав уннинг улгуржи ва чакана нархларини маъмурий тартибда белгилаш нархларни шакллантиришнинг тўлақонли бозор механизмларини жорий қилиш имконини бермаяпти ва ун ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ишлаб чиқарилган ва сотилган ҳар бир тонна ундан салкам 900 минг сўм зарар кўрмоқда” дейилади қарорда.

Давлатнинг иқтисодиётга аралашувини янада камайтириш, дон ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасига ҳамда ун нархларини шакллантиришга тўлақонли бозор муносабатларини жорий этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясининг манзиллигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

Ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида 2019 йил ҳосилидан тайёрланган бугдойнинг тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1 300 минг сўмдан улгуржи нархларда сотилади. Бунда, буғдойнинг ўртача харид нархи ва улгуржи нархи ўртасидаги 120 минг сўм миқдоридаги салбий фарқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қопланади;

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси билан биргаликда ички бозорда нархларнинг сунъий равишда ошиб кетиши ва бозордаги бошка салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, зарур ҳолларда, бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган ун ва доннинг максимал микдорини (лимитини) белгилайди ҳамда талаб ва таклифдан келиб чиқиб ушбу ҳажмларга тузатишлар киритади.

Қарорнинг тўлиқ матни билан lex.uz сайтида танишишингиз мумкин.

Ёрлиқ