Шавкат Мирзиёев Режеп Таййип Эрдоған билан учрашди
15 октябрь куни эрталаб Боку шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Музокараларда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, иқтисодиёт, савдо, инвестициялар, энергетика, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Туркия Президентлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.