Ўзбекистоннинг давлат қарзи $20 миллиард. Кимдан қанча? (таҳлил)
(last modified Sun, 03 Nov 2019 08:07:21 GMT )
ноябр 03, 2019 13:07 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистоннинг давлат қарзи $20 миллиард. Кимдан қанча? (таҳлил)

Fergana News сайтида 2020 йилга келиб Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари миқдори, қайси давлатлар ва халқаро молия ташкилотларидан қарздор бўлгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилинди. Таҳлилга асос сифатида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг “Фуқаролар учун бюджет лойиҳаси” олинган.

2020 йилга келиб, Ўзбекистоннинг Хитой олдидаги қарзи 3,006 миллиард АҚШ долларига етади. Бу рақамлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг “Фуқаролар учун бюджет лойиҳаси”да келтирилган.

Давлатнинг Хитой олдидаги ташқи қарзлари 2015 йилнинг январь ойидан 2019 йилнинг январигача аста-секин 1,055 миллиарддан 1,964 миллиард АҚШ долларига қадар ўсиб борган. Яъни, йилига тахминан 200-300 миллион АҚШ доллари атрофида қарздорлик қўшилган. 2020 йилнинг бошига келиб, бир йил учун 1,042 миллиард АҚШ доллари ёки умумий қарзнинг 53 фоизи қарздорлик сифатида қўшилади.

Хитой Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг катта инвесторлардан бири ҳисобланади. 2018 йилда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 6,4 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. Шу йилнинг август ойида Хитой ва Ўзбекистон устав фонди 1 миллиард доллар бўлган инвестициявий фонд тузишди.

Ўзбекистон қарздор бўлган иккинчи йирик давлат бу – Япония. 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон ушбу давлатдан 1,049 миллиард АҚШ доллари қарз бўлган. 2020 йил бошида бу рақамлар 1,831 миллиард АҚШ долларига ўсади.

Image Caption

Ўзбекистон қарздор бўлган давлатлар кейинги ўринларда, мос равишда қуйидагича жойлашган:

Франция - 27 миллион АҚШ долларидан 573,1 миллион АҚШ долларига (21 баробар) ўсган;

Жанубий Корея - 114,1 миллион АҚШ долларидан 568,2 миллион АҚШ долларига (деярли 5 баробар) ўсган;

Россия - 69,8 миллион АҚШ долларидан 120,5 миллион АҚШ долларига (деярли 2 баробар) ўсган;

АҚШ - 28,9 миллион АҚШ долларидан 26,7 миллион АҚШ долларига камайган.

2020 йилнинг бошида Ўзбекистон давлат қарзининг умумий суммаси 21,3 миллиард АҚШ доллари бўлиши башорат қилинмоқда. Бундан, 15,3 миллиард АҚШ доллари ташқи қарз ҳисобланади ва у қуйидагича тақсимланган:

Image Caption

Хорижий давлатлардан - 6,7 миллиард АҚШ доллари;

Халқаро молия институтларидан - 7,7 миллиард АҚШ доллари;

Инвесторлардан - 1 миллиард АҚШ доллари.

Халқаро молия институтлари бўйича қарздорлик эса қуйидагича тақсимланган:

Осиё тараққиёт банки - 3,929 миллиард АҚШ доллари;

Жаҳон банки - 2,795 миллиард АҚШ доллари;

Ислом тараққиёт банки - 869,7 миллион АҚШ доллари.

Давлат макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш учун 2020 йилда янги қарзларни олишга лимит ўрнатмоқчи.

Энди ҳукумат номидан ёки унинг кафиллиги остида олинадиган қарзлар миқдори 4 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетмаслиги, мақсадли давлат дастурлари учун жалб қилинган заёмлар миқдори эса 1,5 миллиард АҚШ долларидан ошмаслиги керак. Бу келаси йил учун белгиланган лимит миқдори.

Аввалроқ, халқаро рейтинг агентликларида, Ўзбекистондаги давлат қарзларининг камлигини (ЯИМнинг 25 фоизидан кам) давлатнинг ўз мажбуриятларини бажариш имкониятларини баҳолашда ижобий фактор сифатида кўрилган.

2019 йилнинг март ойига келиб Reax Europe халқаро агентлиги мамлакат рейтингини миллий ва хорижий валюталарда “Б+”(ҳукуматнинг кредитга лаёқатлигининг етарлича паст даражаси) дан “ББ-” (ҳукуматнинг кредитга лаёқатлигининг етарли даражаси) га кўтарди. Сентабр ойида эса, Reax Europe агентлиги Ўзбекистоннинг мустақил рейтинги “ББ-” даражада эканлигини тасдиқлади ва бу кўрсаткич, МДҲ давлатлари орасида энг паст кўрсаткичлардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

Фаррух Абсаттаров таржимаси

Sof.uz