Тошкентда Исматулла Эргашев Эрон ташқи ишлар вазирининг Афғонистон бўйича махсус вакили билан учрашди
(last modified Tue, 12 Nov 2019 06:55:28 GMT )
ноябр 12, 2019 11:55 Asia/Tashkent
  • Тошкентда Исматулла Эргашев Эрон ташқи ишлар вазирининг Афғонистон бўйича махсус вакили билан учрашди

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Эрон ташқи ишлар вазирининг ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси, Афғонистон бўйича махсус вакили Муҳаммад Иброҳим Тоҳириён Фард билан учрашди.

Кун сайтига кўра, учрашувда Афғонистондаги ҳозирги вазият ва ушбу мамлакатдаги тинчлик жараёни юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Эрон томонига Афғонистон муаммосини ҳал этиш борасидаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатлари, Афғонистонни иқтисодий тиклаш борасидаги мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида маълумот берилди.

Эрон дипломати Афғонистонни минтақавий жараёнларга кенг миқёсда интеграциялашуви ва Ўзбекистон томонидан илгари сурилган турли инфратузилма лойиҳаларини татбиқ этишда амалий ёрдам бериш бўйича Президент Шавкат Мирзиёев сиёсатини юқори баҳолади.

Шу ўринда, Муҳаммад Иброҳим Тоҳириён Фард Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари қиёфасидаги кенг кўламли ўзгаришлардан ҳайратда эканлигини изҳор этар экан, бу ўзгаришларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан, шунингдек, аввало минтақадаги қўшнилар билан очиқлик ва ишончга асосланган мақсадли сиёсат билан боғлади.

Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлиги нуқтаи назаридан, суҳбатдош минтақа давлатларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини жипслаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Ёрлиқ