Афғонистон Ўзбекистон орқали яна транзит поездини ўтказди
(last modified Sat, 07 Dec 2019 06:14:20 GMT )
декабр 07, 2019 11:14 Asia/Tashkent
  • Афғонистон Ўзбекистон орқали яна транзит поездини ўтказди

6 декабрь куни Афғонистондаги Ҳайратон станциясидан иккита вагондан иборат, 100 тонна мандарин ортилган иккита вагонли юк поезди белгиланган манзил - Чимкент (Қозоғистон) шаҳрига қараб йўл олди.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Марказий аппаратида Афғонистон Халқаро савдо палатаси раиси Мэйл Ага Хайр Хва ҳамда Афғонистон Савдо-инвестиция палатаси раиси Тавакул Шоҳ Аҳмад Ёр бошчилигидаги афғон ишбилармон доиралари билан учрашув ўтказилган.

"Меҳмонлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан Афғонистон учун нафақат ижтимоий-гуманитар, балки савдо-иқтисодий соҳаларда тараққий этиши учун яратилаётган шарт-шароитлардан тўлиқ қониқиш ҳосил қилганликларини изҳор қилдилар. Мамлакатлар ўртасида транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди", - дейилади хабарда.

Хусусан, меҳмонлар, Хайратон станцияси ёрдамида Ўзбекистон орқали олиб ўтиладиган юклар ҳажмини кўпайтиришга катта қизиқиш билдирганлар. Бу орқали Афғонистон шимолий қисмини ривожлантиришга умид билдирилган.

Шу билан бирга, Афғонистон бизнес-жамияти хусусан, нефть ва нефт маҳсулотларидан иборат юкларни ташишни ривожлантиришга тайёрлигини айтган.

2019 йилда шу кунга қадар Афғонистондан (Ўзбекистон орқали) Россия Федерациясига 252 тонна кишмиш, Қозоғистонга 130 тонна ва Хитойга 1066 тонна тальк олиб ўтилган. Жами 1628 тоннага яқин халқ хўжалиги товарлари транзит қилинган.