Хабаровскда 70 қирғиз ва 20 ўзбек ҳайдовчилари ОМОН тарафидан калтакланди (Видео)
Хабаровскда ОМОНчилар 80 га яыин мигрант-ҳайдовчиларни ушлаб, бир неча соат давомида калтакладилар. Бу ҳақда «Аззатык» радиосига Қирғизистон фуқаролари айтиб беришди. «Озодлик» радиоси ҳам 20 га яқин Ўзбекистон фуқаролари калтаклангани ҳақида хабар тарқатди.
Шаҳарда етти ойдан бери ҳайдовчилик қилаётган қирғизистонлик Самарбек Осмон уулунинг сўзларига кўра, 12 декабрь куни хавфсизлик кучлари И.П.Васильев автопаркининг 80 га яқин ҳайдовчисини ҳибсга олиб, калтаклаган ва ҳужжатларини тортиб олган.
“Мени эрталабгача уришди. Ҳужжатларим йўқлиги сабаб касалхонага ҳам ётолмадим. Ҳозир уйдаман, аҳволим ёмон. Қовурғам синган. Юзимда калтак аломатлари йўқ, бироқ бутун танам кўкарган. Улар ҳаттоки нимада айблашаётганини ҳам айтишмади”, - дейди ҳайдовчи.
У, шунингдек, ўн кишига мўлжалланган хонага олиб киришганини ва у ерда 3 нафар ниқобли шахслар калтаклаганини айтди. Самарбекнинг айтишича, улар баъзиларни “миграция ҳужжатини чайнашга ва сув билан ютишга” мажбурлаган.
Бошқа бир жабрланувчи Жырғалбекнинг айтишича, хавфсизлик ходимлари калтаклашдан олдин кузатув камераларини ёпиб қўйишган. "Улар: сенлар қизилдан ўтасанлар, деб бақириб, бизни безорилар деб атади. Бизнинг башараларимиз уларни ғазаблантирди", деди у. Шунингдек, 5 нафар ҳайдовчини роса дўппослашганини қайд этди.
Қирғизистоннинг Хабаровскдаги консули Қодирбек Мирзабоев жамоат транспорти ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган 17 нафар фуқаро ОМОН томонидан калтаклангани ҳақида шикоят олинганини тасдиқлади. Шу муносабат билан консуллик ИИВ, прокуратура ҳамда ФХХга нота йўлланганини маълум қилди ва жавоби келаси ҳафтада айтилишини таъкидлаб ўтди. Мирзабоевнинг қўшимча қилишича, нотага жабрланувчиларнинг тиббий маълумотномалари ҳам илова қилинган.
Шунингдек, калтакланган муҳожирлар Москвадаги ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикка мурожаат қилишди.