Тиббий муассасалар 100 миллиард сўмга яқин бюджет маблағларини ўзлаштирган
Аввал хабар қилганимиздек, Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда бюджет маблағларининг сарфланиши, ўзаро ҳисоб-китоб ва пуллик хизмат жараёнидаги тизимли камчилик ва нуқсонлар коррупцияни келтириб чиқараётган асосий омиллардан бири эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат молиявий назорат департаменти томонидан сўнгги икки йилда текшириш ўтказилган 1.591 та тиббий муассасаларининг 1.311 таси ёки 82 фоизида молиявий қонунбузарликлар аниқланган.
Фақат тергов ўтказилган ишлар бўйича бу даврда муассасаларда қарийб 92 млрд. сўм бюджет ва бошқа маблағлар ўзлаштирилган. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш Департаменти томонидан Республика ихтисослаштирилган акушер ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилган ўрганишда, марказ мансабдор шахслари сўнгги 2 йилда 15,3 млрд. сўм, шу жумладан, пуллик хизматдан тушган 13,2 млрд. сўм нақд пул банкка топширмасдан ҳамда ходимларнинг 1,1 млрд. сўм иш ҳақи тарқатмасдан, ўзлаштирилганлиги аниқланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, марказнинг 5 нафар мансабдор шахслари қамоққа олинган.
Шунингдек, тиббиёт муассасаларини давлат ҳисобидан дори-дармонлар,тиббий буюм ва жиҳозлар билан таъминлашда бюджет маблағларини самарасиз совуриш, ўзлаштириш ва суиистеъмолчилик ҳолатлари тиббий хизмат сифатини оширишда кўплаб муаммоларни келтириб чиқараётганлигига Бош прокурор алоҳида тўхталди.
Мисол учун, “Ўзмедимпекс” давлат корхонаси мансабдор шахслари хориждан “ампицилин”, “цефазолин”, “цефтриаксон” ва шу каби бошқа дориларни бир неча баробар қиммат нархда сотиб олиб, 9,3 млн. АҚШ доллари ва 4 млрд. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги мансабдор шахслари 1,8 млрд. сўмлик дори воситаларини қиммат нархда харид қилиб, бюджет маблағларининг талон-торож қилинишига йўл қўйган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.