Мирзиёев ўзбекистонликларни Янги йил билан табриклади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Янги йил табригини йўллади.
"Мана шу қувончли лаҳзаларда сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни Янги йил байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман! Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тилайман!", дея бошлади давлат раҳбари ўз табригини.
Мирзиёев 2019 йил мамлакат учун унутилмас воқеаларга бой бўлганини, турли қийинчилик ва синовлар бошдан кечирилганини таъкидлади.
"Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да улкан ютуқларга эришдик. Мамлакатимиз салоҳияти ва рақобатбардошлигини ошириш йўлида янги қадамлар қўйилди. Иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқлари жадал ривожланмоқда. Юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналар, янги транспорт тизимлари ишга туширилмоқда. Миришкор деҳқон ва фермерларимиз, мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан, мўл ҳосил етиштирдилар.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилди. Йил давомида ҳудудларда аҳоли, айниқса, ёшларимиз, хотин-қизлар учун кўплаб янги иш ўринлари яратилди", - деди президент.
Давлат дастурлари асосида шаҳар ва қишлоқлар, юрт қиёфаси бутунлай ўзгармоқда. 2019 йилда минг-минглаб ўзбекистонликлар, жумладан, кам таъминланган оилалар шинам уй-жойларга эга бўлдилар.
Илм-фан, таълим ва тарбия соҳасида туб бурилиш даври бошланди.
Янги-янги боғча ва мактаблар, олий ўқув юртлари, етакчи хорижий университетларнинг филиаллари, шифохоналар, маданият ва спорт масканлари бунёд этилмоқда.
"Энг муҳими, одамларимизнинг ҳаёт даражаси, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси, эртанги кунга ишончи тобора кучаймоқда. Жамиятимизда демократия тамойиллари, очиқлик ва эркинлик муҳити чуқур қарор топмоқда", - деди Мирзиёев ҳамда Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар буни яққол тасдиқлаганини қўшимча қилди.