Қўшни мамлакатлардан Ўзбекистонга ўқишни кўчириш муддати узайтирилди
(last modified Wed, 12 Feb 2020 07:03:09 GMT )
феврал 12, 2020 12:03 Asia/Tashkent
  • Қўшни мамлакатлардан Ўзбекистонга ўқишни кўчириш муддати узайтирилди

Олдин Марказий Осиёнинг бошқа республикаларидаги олий таълим муассасаларида ўқиётган ва ўқишини Ўзбекистондаги ОТМларга кўчириш истагини билдирган талабаларга ўқишни кўчириш бўйича ариза топширишга ижозат берилганди.

Дарё сайтигаькўра, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан маълум қилинишича, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда, фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида аризаларни қабул қилиш муддати 2020 йил 15 мартга қадар узайтирилди.

Маълум қилинишича, республиканинг барча ҳудудларидаги биттадан олий таълим муассасасида ҳудудий ишчи гуруҳлари ташкил этилган.

Ўқишини Ўзбекистонга кўчирмоқчи бўлган талабгорлар 2020 йил 15 мартга қадар доимий яшаш ҳудудида ташкил этилган ишчи гуруҳга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

ариза (жойида тўлдирилади);

рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома (транскрипт) нусхаси;

паспорт нусхаси.

Хорижий олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини республика олий таълим муассасаларига кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Қайд этилишича, фуқаролар томонидан зарур ҳужжатлар ҳудудий ишчи гуруҳларга тўғри ва тўлиқ ҳолатда тақдим этилганда, сўзсиз қабул қилинади. Ўқишни кўчиришда ҳеч қандай имтиҳон ўтказилмайди.

Вазирлик фуқароларни ўз хизматларини таклиф қиладиган айрим фирибгарларга алданиб қолмасликка чақиради.

Ёрлиқ