Ўзбекистон собиқ бош прокурори 5 йилга озодликдан маҳрум этилди
Бугун Ўзбекистон Ҳарбий судида мамлакат Жиноят кодексининг 210-моддаси ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган собиқ бош прокурор Отабек Муродов ҳамда ДХХ собиқ раиси I. Абдуллаев ва унинг ўринбосари Ж. Игамовларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Дарё сайтига кўра, ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, етмишдан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб, муҳокама қилинди. Дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи О. Муродовни бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Судланувчи О. Муродовга нисбатан жазо чорасини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди.
Хусусан, судланувчининг содир этган жиноятлари учун чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош қилишда фаол ёрдам берганлиги ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар тўла қопланганлиги эътиборга олинди.
Натижада, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчининг шахси, оилавий аҳволи, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, О. Муродовга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суднинг ҳукмига кўра, I. Абдуллаевга 19 йил, Ж. Игамовга 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳар бири муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.