Freedom House: Ўзбекистон «эркин бўлмаган» мамлакатлар қаторидадир
Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан ҳар йили тузиладиган рейтингга кўра, Ўзбекистон «эркин бўлмаган» мақомини 2020 йилда ҳам сақлаб қолган.
Соф.уз сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистонда эркинлик даражаси 100 баллдан 10 баллга баҳоланган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 1 баллга юқори демакдир. Озарбайжон, Марказий Африка Республикаси ва Жанубий Осетия ҳам худди шу кўрсаткични қайд этган.
Ўзбекистонликларнинг сиёсий ҳуқуқлари 40 баллдан 2 балл олган, фуқаролик эркинликлари даражаси — 60 баллдан 8 баллга тенг деб топилган.
Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон (23), Тожикистон (9) ва Туркманистон (2 балл) «эркин бўлмаган»лар рўйхатидан ўрин олган.
Қирғизистон эса 39 балл билан минтақадаги ягона «қисман эркин» мақомига эга давлатга айланган.
Энг ёмон кўрсаткични Сурия (0 балл), Эритрия, Жанубий Судан, Туркманистон (2 баллдан) ва Шимолий Корея (3 балл) қайд этган.
Рейтингнинг юқори поғоналаридан Финляндия, Швеция ва Норвегия 100 балл билан ўрин олган. Ундан кейинги ўринларни Нидерландия (99), Люксембург, Канада ва Уругвай (98 баллдан) эгаллаган.