Самарқандда МДҲ чегара қўшинлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди
Самарқанд шаҳрида МДҲ ташкилотига аъзо давлатлар чегара қўшинлари раҳбарларининг 5-минтақавий йиғилиши ўтказилди.
Дарё сайтига кўра, учрашувда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари делегациялари, шунингдек, МДҲ чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг мувофиқлаштирувчи хизмати вакиллари иштирок этди.
Тадбирда МДҲга аъзо давлатларнинг Афғонистон билан ташқи чегараларидаги вазият ва унинг яқин келажакдаги ривожланиш тенденциялари таҳлил қилинди. Хусусан, Афғонистоннинг шимолий чегара ҳудудларидаги вазият юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, йиғилиш иштирокчиларнинг эътибори жангарилар назорати остидаги ҳудудларда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш кўлами ошиб бораётгани ва гиёҳвандлик воситаларини «шимолий йўналиш» бўйича Марказий Осиё минтақасидаги МДҲга аъзо давлатларнинг ташқи чегаралари орқали олиб ўтишга уринишлар бўлаётганига қаратилди.
Йиғилишда Ҳамдўстлик давлатлари ҳудудига халқаро террористик ва экстремистик ташкилотларга алоқадор шахсларнинг кириб келишига қарши кураш бўйича чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича баён расмийлаштирилди. Тадбирдаги тавсиялар 16 апрель куни Ереван шаҳрида бўлиб ўтадиган чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилади.