Европа Иттифоқи Ўзбекистонга 40 миллион евро ажратади
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 40 миллион евро миқдорида молиялаштириш шартномасини имзолаган.
Дарё сайтига кўра, «Таклиф этилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон ҳукуматига аграр озиқ-овқат секторини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган янги давлат стратегиясини амалга оширишга кўмаклашиш, фермер ва агрофирмаларга ёрдам кўрсатадиган давлат хизматларини кучайтиришни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади», — дейилади Европа Иттифоқи сайти хабарда.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эдуардс Стипрайснинг таъкидлашича, ушбу бюджет кўмаги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва ҳукуматга соҳани ислоҳ қилишни тезлаштириш ва модернизация қилишга ёрдам беради.
«Қишлоқ хўжалиги мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун муҳим тармоқ ҳисобланади. Ушбу маблағлар давлатга замонавий давлат хизматларини яратишда ҳамда Марказий Осиёдаги қимматбаҳо қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етакчи ишлаб чиқарувчиси ва экспортчисига айланишида ёрдам беради», — дейди Стипрайс.