Ўзбекистон фуқароси коронавирусга чалинди
Жанубий Кореяда коронавирусга чалинган шахсларнинг 60 нафари чет эл фуқаролари бўлиб, улардан камида бир нафари ўзбекистонлик бўлиб чиққан.
Дарё сайтининг хабари Жанубий Кореядаги ўзбекистонликларнинг интернетдаги гуруҳларида муҳокамаларга сабаб бўлган. «Бемор ҳақида батафсил маълумот олсак, кейинроқ ёритишга ҳаракат қиламиз»,дейилади Кореядаги ўзбек талабаларининг умумий Telegram-каналида.
Жанубий Кореядаги коронавирусга қарши кураш бўйича тузилган марказий штаб маълумотларига кўра, мамлакатдаги коронавирусга чалинган чет эл фуқароларининг 38 нафари хитойлик, етти нафари эса АҚШ фуқароси.
Бундан ташқари, Мўғулистон, Вьетнам, Аргентина, Австралия, Таиланднинг икки нафардан, Индонезия, Япония, Польшанинг бир нафардан фуқаролари ҳам Жанубий Кореяда коронавирусга чалинган.
Аввалроқ Россиянинг Тюмен шаҳрига касалланган хитойлик талаба қиз билан бир самолётда келган уч ўзбекистонлик коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилгани, бироқ уларда вирус топилмагани ҳақида хабар тарқатганди.