Халқаро молия ташкилотлари COVID-19 оқибатларига қарши курашиш учун Ўзбекистонга ёрдам беради
Халқаро молия ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматига бюджетни қўллаб-қувватлаш ва Инқирозга қарши кураш жамғармасини молиялаштириш учун энг камида 1,6 млрд доллар кредит маблағларини тақдим этади.
Газета.уз сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон халқаро молия институтларидан коронавируснинг салбий оқибатларини енгиб ўтиш учун энг камида 1,625 млрд доллар кредит маблағларини олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
У Молия вазирлиги ҳузурида коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатишга қаратилган Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилганини эслатиб ўтди.
«Халқаро валюта жамғармаси ўзи аслида, ҳукуматларга кредит бермайди, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб улар ҳам 375 млн доллар беришига келишиб олдик. Ундан ташқари Жаҳон банки 750 млн доллар, Осиё банки 500 млн доллар ва ҳоказо», — деди Жамшид Қўчқоров.