Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни Рамазон ойи билан табриклади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев глобал инқироз ва пандемия шароитида мамлакат аҳолиси бандлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ўзбекистонликларни яқинлашиб келаётган Рамазон ойи билан табриклади
Даракчи.уз сайтига кўра, Шавкат Мирзиёев шунингдек мана, жонажон Ватанимизга Рамазони шариф кириб келмоқда.
Ушбу улуғ айём муносабати билан нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-ука, опа-сингилларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни чин қалбимдан муборакбод этаман.
Барчангизга тинчлик-омонлик, оилавий хотиржамлик, бахту саодат ёр бўлишини тилайман.
Бугунги ўткинчи қийинчиликларга қарамасдан, Рамазони шариф ҳар доимгидек хонадонларимизга, дилларимизга қувонч, юртимизга файзу барака бахш этади, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда қилади, деб ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, узоқ-яқин мамлакатлардаги мўмин-мусулмон биродарларимизни ҳам самимий табриклаб, уларга ўз номимдан, халқимиз номидан тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Ҳаммамизга аёнки, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан шаҳри Рамазонда эзгу ниятлар ижобат бўлади деб таъкидлади.