Шавкат Мирзиёев ва Ҳасан Руҳоний коронавируснинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш масалаларини муҳокама қилди
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 май, чоршанба куни Эрон Ислом Республикаси президенти Ҳасан Руҳоний билан телефон орқали мулоқот қилди.
Таъкидланишича, суҳбат аввалида давлат раҳбарлари муборак Рамазон ойи муносабати билан самимий қутловлар алмашиб, бир-бири ва дўст халқларга коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши билан боғлиқ бугунги мураккаб даврда сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тилади.
Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, шу жумладан, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди.
Президентлар пандемиянинг савдо амалиётлари, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган кооперация лойиҳалари, экспорт-импорт юкларининг транзит ташувлари учун салбий оқибатларини камайтириш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларга видеоанжуманлар ўтказиб боришни давом эттиришни топширди.
Шунингдек, коронавирусга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва яқиндан ҳамкорлик қилишга, жумладан, ушбу хавфли касалликни профилактика қилиш ва даволаш борасида, аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи галдаги чоралар бўйича ахборот ва тажриба алмашишга келишиб олинди.
Мулоқот чоғида халқаро ҳамкорликка оид қатор масалалар кўриб чиқилди.
Маълумот учун, коронавирус пандемияси бошланганидан буён Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши кураш масаласида Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон, Тожикистон, Жанубий Корея ва Туркия президентлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан ҳам коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти 2 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали бўлиб ўтган мулоқотда Сардоба сув омборида юз берган ҳолатни муҳокама қилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 4 май куни Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков, 5 май куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва 6 май куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммед билан коронавирусга қарши кураш масаласини ҳамда Сардобада юз берган фалокатни телефон орқали муҳокама қилди.