Сухондарё ва Жиззахда «Жиҳодчилар»нинг иккита гуруҳи аъзолари қўлга олинди
ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Жиҳодчилар» оқимининг 15 нафар аъзосидан иборат гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» каналида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, гуруҳни ташкил этган шахс Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида мавсумий ишлаши давомида экстремистик ва террористик ташкилот тарафдорлари таъсирига тушиб қолган. Кейинроқ Бойсун туманидан борган ўз ватандошларини ҳам бу йўлга даъват қилган. 1986 йил ҳамда 2002 йил оралиғида туғилган гуруҳ аъзолари 2016—2019 йилларда меҳнат мигранти сифатида Россияда ишлаб юрганида ўзаро йиғинлар ўтказган.
Ўзаро йиғинларда гуруҳлар аъзолари диний экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг, жумладан, Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандийнинг ҳижрат ва жиҳод қилиш тўғрисидаги аудио, видеомаърузалари ҳамда даъватларини тинглаб, «Жиҳодчилар» оқими ғояларини ўз атрофидагиларга тарғиб қилиб келишган. Шунингдек, Сурия давлатидаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилиш масалалари муҳокама этилган. Бундан ташқари, улар Суриядаги сафдошларига пул маблағларини ҳам юбориб турган.
Гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида ўтказилган тинтув тадбирлари давомида аудио ва видеофайллар сақланган 30 та мобил телефон, 55 та флеш-карта, 54 та DVD диск, компьютер, планшет борлиги аниқланиб, уларда сақланаётган маълумотларни экспертизадан ўтказиш учун процессуал тарзда расмийлаштирилиб олинган.
Шунингдек, Жиззах шаҳрида ҳам бу каби ноқонуний фаолият кузатилган. Хусусан, 1998 йилда Жиззах шаҳрида туғилган фуқаро 2017—2019 йилларда Туркияда ишлаши давомида диний экстремистик ва террористик ташкилотлар таъсирига тушиб, уларни ўз атрфодагиларга тарғиб қилиб келган.
Дастлаб у 2000 йилда туғилган укасини ўз таъсири остига олган. Ака-укалар «Одноклассники» ижтимоий тармоғи орқали, кейинроқ Telegram’даги гуруҳ орқали экстремистик оқим ғояларини фаол қўллаб-қувватлаган. Гуруҳга 1983 йилдан 1998 йиллар оралиғида туғилган 23 киши аъзо бўлган. Улардан 250 дан ортиқ аудио ва видео материаллар ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, Андижон шаҳрида «Жиҳодчилар» гуруҳи аъзолари қўлга олингани, Фарғонада эса «Ҳизб ут-Таҳрир» террорчилик ташкилоти фаолиятига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.