Венгрия Ўзбекистонда университет ва банк филиаллари очади, ядро соҳасида ҳамкорлик қилади
Тошкентга 16 июль куни Венгрия ташқи ишлар ва ташқи савдо вазири Петер Сийярто ташриф буюриб, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, бош вазирнинг ўринбосари, ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқов, энергетика вазири Алишер Султонов ва Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа аъзолари билан учрашди.
Венгрия ташқи ишлар ва ташқи савдо вазирининг Ўзбекистонга ташрифи давомида ядро соҳасидаги ҳамкорлик, OTP банки ва Debresen университети филиаллари очилиши, «Ўзбекистон-Венгрия-ЕИ» форматидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Энергетика вазирлигидаги музокаралар давомида Венгрия томони энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, хусусан, Энергетика вазирлиги қошидаги «Ўзатом» агентлиги, Фанлар академияси ва Венгрия ядровий энергия илмий маркази MVM Paksi Atomeromu Ltd. атом электр станциясини қуриш ва ядро энергетикаси соҳасида илмий алмашинув соҳасидаги ҳамкорликка тайёр эканлиги маълум ққилинди.
Шунингдек, йирик иссиқлик электр станцияларида, шу жумладан, Венгрия ENIOX компанияси томонидан ишлатиладиган атом электр станцияларида айланма сувни совитишнинг «қуруқ» усулидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди. Венгрия томони Венгриянинг ENIOX компанияси ушбу лойиҳада иштирок этган тақдирда Венгрия экспорт-импорт банки томонидан 130 миллион еврога тенг қийматда молиялашга тайёр эканлигини маълум қилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда венгер OTP банкини очиш истиқболлари, шунингдек, Венгрия Эксимбанки маблағлари жалб қилинган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича Стратегиясини илгари суриш доирасида «Ўзбекистон-Венгрия-ЕИ» форматидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги таъкидланди.
Ноябрь ойида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясининг олтинчи йиғилиши ва икки мамлакат бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Венгрия ўзбекистонлик талабалар учун квотани 30 нафардан 100 кишигача оширишни режалаштирмоқда, унинг доирасида Будапешт политехника университетида атом энергиясини ўрганиш дастурини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, Ўзбекистонда Debresen университетининг филиалини очиш режалаштирилган.