Киевда банк бўлимини портлатмоқчи бўлган ўзбекистонлик қўлга олинди
Украина пойтахти Киев шаҳрида банк бўлимини эгаллаб олиб, уни портлатиш билан таҳдид қилган Ўзбекистон фуқароси ушланди.
Дарё сайтининг хабар қилишича, Украина ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Антон Герашенконинг маълум қилишича, террорчилик ҳаракати билан таҳдид солаётган ўзбекистонлик эркак 1988 йил 25 март куни туғилган Ўзбекистон фуқароси Каримов Суҳроб Раҳмонович ҳисобланади. Унинг ижтимоий тармоқлардаги профилларига кўра, бу эркакда психик муаммолар мавжуд.
«Ҳозирча унинг мақсади қанчалик жиддий эканлигини, унда ҳақиқатан ҳам портловчи ускуна бор ёки йўқлигини билмаймиз. Шунинг учун ҳозир музокаралар стратегияси танланди», — дея хабар берган вазир ўринбосари.
Эркак 3 август куни тахминан соат 12:00 да банк бўлимига кирган ва унинг сумкасида бомба борлигини айтган. У банкнинг барча ишчиларини қўйиб юборган, бўлим бўшлиғи ўз хоҳиши билан у ерда қолган.
Полиция ҳудудни ўраб олган ва эркак билан музокаралар олиб борилган. У телевидение орқали чиқиш қилишни талаб қилган.
Шундан сўнг, банк биносига ZIК, «Наш» ва «112» телеканаллари мухбирлари кирган. Эркак улардан ўзининг эфирда эканлигини текшириш учун телефон сўраган.
Журналистлар билан бўлиб ўтган қисқа суҳбатдан кейин эркак банк биносидан чиққан ва Украина хавфсизлик хизматининг махсус бўлинмаси томонидан қўлга олинган.