Ўзбекистон: афғонлараро музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрмиз
Ўзбекистон ТИВ-ига кўра, Тошкент ҳукумати афғонлараро музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирган.
Спутник сайтининг хабар қилишича, 9 сентябрь куни “Ўзбeкистон-АҚШ-Афғонистон” уч томонлама ҳамкорлик механизмининг Сиёсат бўйича қуйи қўмитаси биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов, АҚШ давлат котибининг Афғонистон бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ненси Жексон, Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мирвайс Нааб раҳбарлик қилди.
“Учрашув иштирокчилари афғонлараро музокараларнинг биринчи доирасини Доҳа шаҳрида (Қатар) ўтказиш тўғрисидаги қарорни мамнуният билан қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон томони музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди”, - дейилган хабарда.
Томонлар Афғонистон учун Кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини билдириб, у минтақавий ва глобал ёндашув асосида тайёрланиши муҳимлиги таъкидлади.
Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кўламини ошириш, транспорт-коммуникация, инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда Афғонистон иқтисодиётини изчил ривожланишига кўмаклашишнинг муҳимлиги қайд этилди.