сентябр 10, 2020 13:41 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик истиқболи муҳокама этилди

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов Малайзия Бош вазири биринчи ўринбосари - халқаро савдо ва саноат вазири Муҳаммад Азмин Али билан видеоконференция шаклидаги мулоқот қилди.

Уза.уз сайтига кўра, музокара чоғида  Ўзбекистон ва Малайзия ҳукуматлари томонидан коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашиш ва иқтисодиётга таъсирни камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан бирга қўшма лойиҳалар, ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, инвестиция, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.Икки мамлакат маҳсулот етказиб берувчилари ва буюртмачилари ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш орқали ўзаро савдо ҳажмини янада оширишга бўлган қизиқиш қайд этилди.

Савдо бўйича Қўшма савдо қўмитасини йиғилишини ўтказиш мақсадида Малайзия Халқаро савдо ва саноат вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича келишувга эришилди. Қўмита йиғилиши доирасида кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик ва электротехника тармоқлари етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистон - Малайзия бизнес-форуми ўтказилади.

Савдони рақамлаштириш соҳасида Малайзия тажрибасини жалб қилиш истиқболи таъкидланди. Шу нуқтаи назардан “Consumption Union” компаниясининг “CU Rewards” электрон савдо майдончаси маҳаллий экспортчиларга ўз маҳсулотларини Жанубий-Шарқий Осиёдаги истеъмолчиларга сотиш имконини берадиган самарали механизм бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шунингдек, Малайзия ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) ва «Ўзстандарт» агентлиги ҳамкорлигида Ўзбекистонда ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича илғор тажриба Марказини ташкил этиш режаси муҳокама қилинди.  Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Масалан, Хоразм вилоятидаги «Ҳазорасп» ЭИЗда Малайзиянинг “Serba Dinamik Group Berhad” компаниясининг 250 миллион долларга яқин тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилган ҳолда каустик сода ва суюқ хлор ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси фаол равишда амалга оширилмоқда.Шунингдек, Ўзбекистонда бир нечта Малайзия банклари филиалларини очиш ва Республикада экспортга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган банклараро шерикликни йўлга қўйиш орқали банк-молия соҳасида ҳамкорлик қилишнинг юқори салоҳияти қайд этилди.Ислом банкчилиги соҳасида Малайзия тажрибасини жорий этиш механизми ва бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон банк соҳасидаги ходимлари учун ушбу соҳада малака ошириш курслари ташкил этиш масаласи алоҳида кўриб чиқилди.

 

 

Ёрлиқ