Шавкат Мирзиёев Нукусга жўнаб кетди
Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни Нукусга жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этади. Сафар давомида, шунингдек, бунёдкорлик ишлари, янги корхоналар фаолияти билан танишиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистонда 20 сентябрь куни Жўқорғи Кенгеснинг бўшаб қолган 5 та депутатлик ўрни учун сайловлар бўлиб ўтган эди. Сайлов якунларига кўра Нукус шаҳри бўйича 4-сонли «Ерназар Алакўз» сайлов округидан «Адолат» партияси кўрсатган номзод Гулхатча Айимбетова (1961 йилда туғилган), Элликқалъа тумани бўйича 20-сонли «Сарабий» сайлов округидан ЎзЛиДеП кўрсатган номзод Байрамбай Ўтемуратов (1977 йилда туғилган), Беруний тумани бўйича 25-сонли «Навбаҳор» сайлов округидан ЎзХДП кўрсатган номзод Адилбек Реимбоев (1977 йилда туғилган), Қўнғирот тумани бўйича 49-сонли «Қўнғирот» сайлов округидан «Миллий тикланиш» партияси кўрсатган номзод Пахратдин Айтжанов (1967 йилда туғилган) ва Қораўзак тумани бўйича 63-сонли «Қоракўл» сайлов округида Экопартия кўрсатган номзод Мурат Камалов (1955 йилда туғилган) Жўқорғи Кенгес депутати этиб сайланган.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг аввалги раиси Муса Ерниязов 31 июль куни коронавирус асоратларидан вафот этган эди. Қорақалпоғистон Конституциясининг 80-моддасига биноан, Жўқорғи Кенгес раиси Қорақалпоғистоннинг раҳбари ва энг юқори амалдоридир. Раис Жўқорғи Кенгес томонидан Ўзбекистон Президенти билан келишилган ҳолда Жўқорғи Кенгеснинг ваколат муддати давомида махфий овоз бериш орқали Жўқорғи Кенгес депутатлари орасидан сайланади.