Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 28 сентябр - 4 октябр кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Шавкат Мирзиёев Нукусга жўнаб кетди.
- Ўзбекистон Бош вазири Душанбега борди.
- Мурат Камалов Қорақалпоғистоннинг янги раҳбари этиб сайланди.
- Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 501 кишига етди.
- Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорликлар ривожланмоқда.
- Ўзбекистон давлати 8 ой ичида 90 миллион литрдан ортиқ бензин импорт қилган.
- Ўзбекистон Ереван ва Бакуни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди.
- ЕТТБ 2021 Ўзбекистоннинг реал ЯИМнинг 2 фоизга қисқаришини прогноз қилмоқда.
- Наманганда МИБ ходимларига норозилик билдирган аёл, ўзини ёқиб юбориб ҳалок бўлди.
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Нукусда 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 8-сессияси иш бошлади. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Хабар беришларича, йиғилишни Жўқорғи Кенгес раисининг ўринбосари Атабек Давлетов очган. Сессиянинг котибияти сайланиб, кун тартиби тасдиқланган, Оқсоқоллар кенгаши ва Ҳисоб-саноқ комиссияси таркиби тузилган.
«Бугун қорақалпоқ элини, тупроғини, имкониятларини яхши билган, халқ таниган, турли масалаларни ҳал қила оладиган етакчини сайлаб олишимиз керак. Бердақ бобомизнинг доно сўзлари билан айтганда: «Халқнинг ғамини ўйлаган, Юрт ғамхўри керак менга’», — деб таъкидлаган йиғилишда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев.
Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига Мурат Қаллибекович Камалов номзоди тавсия этилган. Президент Мирзиёев Мурат Камаловнинг «инсоний фазилатлари, фидойилиги ва раҳбарлик қобилиятини ҳисобга олиб», унинг номзодига ўз розилигини билдирган.
«Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига Мурат Камалов сайланди», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.
Қорақалпоғистон Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ, Жўқорғи Кенгеснинг раиси Қорақалпоғистон раҳбари ва энг юқори лавозимли шахсидир. Жўқорғи Кенгес раиси айни орган томонидан Ўзбекистон Президентининг розилиги билан ҳамда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан Жўқорғи Кенгеснинг ваколати муддатига сайланади.
Эслатиб ўтамиз, 65 ёшли Мурат Камалов 2020 йил 20 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловлар вақтида Жўқорғи Кенгес депутати этиб сайланган эди. Сайловлар арафасида эълон қилинган номзодлар рўйхатидаги маълумотларга кўра, Экопартия аъзоси ҳисобланган Камалов сайловгача Президент ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори лавозимида ишлаб келган.
Қорақалпоғистоннинг Мурат Камаловдан аввалги раҳбари ҳисобланган Муса Ерниязов 2020 йил 31 июль куни коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган эди.
Х Х Х
Тошкент ва Деҳли давлатлари ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар доирасида Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Ҳиндистон мудофаа вазирининг ҳарбий саноат масалалари бўйича ўринбосари Раж Кумар билан учрашув ўтказилди.
Уза.уз сайтининг хабар қилишича, Р. Кумар Ҳиндистон Ўзбекистон билан барча соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик дўстона алоқаларнинг муҳим таркибий қисми эканини қайд этди.
Томонлар ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасида ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштириш мақсадида мавжуд барча имкониятлардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.
Х Х Х
1 сентябрь ҳолатига Ўзбекистонда хориждан импорт қилинган автомобил бензини ҳажми 90,1 миллион литрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 87 миллион литрга ошган
Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб Ўза.уз сайтининг хабар қилишича, ўтган саккиз ой мобайнида импорт қилинган бензиннинг энг кўп ҳажми Қозоғистон (47,7 млн. л.), Россия (36,5 млн. л.), Туркманистон (5,6 млн. л.) ва 232,1 минг литр билан Қирғизистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган.
Қайд этиш керакки, 2020 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 694,2 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган.
Х Х Х
Наманганда ўзига ўт қўйиб шу тарзда икки ярим йил муқаддам сотиб олинган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига норозилигини билдирган аёл вафот этган
Воқеа юзасидан жиноий иш очилганини Ўзбекистон прокуратураси эълон қилган.
«Ижтимоий тармоқларда Наманганда мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйган аёл ҳалок бўлганлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди», – дейилади Дарё сайти хабарида.
Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аёл 30 сентябрь куни танасининг 80 фоиздан ортиқ куйиш тан жароҳати натижасида Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Наманган филиалида вафот этган.
Маълум қилинишича, аёл фирибгарлик қурбони бўлган – унинг онасига уйни 13 минг долларга алдаб сотган аёлга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган, уйнинг асл эгаси эса мулк ўзига қайтарилиши учун судга мурожаат қилган. Суд ундирувчи фойдасига жавобгар ва унинг оила аъзоларини Наманган шаҳридаги хонадонлардан биридан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган.
Уйни ўз ихтиёри билан бўшатишни ҳоҳламаган аёл ва унинг онаси томонидан суд ижро ҳаракатларини амалга оширишга фаол қаршилик кўрсатилган. Айни ўша вақтда ижро ҳужжати талабини бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида 1985 йилда туғилган Д.Г. ўзига бензин сепиб, ёқиб юборган.