Шавкат Мирзиёев ва маслаҳатчиси- Сума Чакрабарти узоқ муддатли ислоҳотларни муҳокама қилди
Ўзбекистон президенти кеча янги маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан Ўзбекистонда ислоҳотлар дастурини узоқ муддатли истиқболда давом эттиришнинг стратегик йўналишларини кўриб чиқди.
Мирзиёев ва Чакраборти учрашувида чуқур ва ҳар томонлама таҳлил асосида илғор халқаро амалиёт ва тажрибани ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва янгиланишларни самарали давом эттиришни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилганини Дарё сайти хабар қилган.
Хусусан, мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларини модернизация қилиш ва рақобатдошлигини ошириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва бошқарув кадрлари сифатини тубдан ошириш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланишини хабар қилганди.