Ӯзбекистон ӯтган йил давомида
(last modified Mon, 04 Jan 2021 12:28:34 GMT )
Январ 04, 2021 17:28 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган йил давомида

"Ўзбекистон ўтган йил  давомида” рукнида 2020 йил давоми  ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  • Ўзбекистонда нархлар ва тарифларнинг ўсиш даражаси 11,1 фоизни ташкил қилди.
  • Ўзбекистон расман Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олди.
  • Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони 77минг нафардан ошди.
  • Ўзбекистонда илк қуёш электростанциясини молиялаштириш бўйича шартномалар имзоланди.
  •  Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 4,8 миллиард долларга ёки 12,9 фоизга камайди.
  • Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой вакцинаси билан 830 киши эмланди.
  • Сардоба сув омборидан сув тошди. 10 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.
  • Ўзбекистон ва Афғонистон таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандум имзолашди.
  • Тошкентда металлургия заводи ӯз фаолиятини бошлади.
  • Гулнора Каримова судда ғолиб чиқди. Энди у 350 миллион долларлик активга эгалик қилиши мумкин.
  • Ўзбекистон ҳамкорлигида Афғонистондаги Алишер Навоий мақбараси таъмирланадиган бӯлди.

 

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

 Ўзбекистонда йиллик инфляция кўрсаткичи маълум қилинди.

Давлат статистика қўмитаси 2020 йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Республикаси истеъмол секторидаги инфляция даражаси ҳақида маълумот берди.

Давлат статистика қўмитаси 2020 йил давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифларнинг ўсиш даражаси 11,1 фоиз бўлганини маълум қилди. 2019 йил ушбу кўрсаткич 15,2 фоиз бўлгани эътироф этилганди.

Қўмита ахборотномасида таъкидланишича, йилнинг сўнгги ойида ўртача истеъмол нархлари ва тарифлари даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,6 фоизни ташкил этган.

2020 йилнинг июн ва июл ойларида истеъмол нархлари индекси 2019 йилдаги мос даврга нисбатан пасайган. ИНИ ўсиш суръати фақат сентябр ойига келиб, март ойидаги кўрсаткичдан ўтиб кетган.

Инфляциянинг ўсиши асосан озиқ-овқат маҳсулотлари нархида кузатилган, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳамда хизматлар тарифида ойлик инфляция 1 фоизни ҳам ташкил этмаган (ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи фақат сентябр ойида 1 фоиз инфляцияга эришганди).

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовга кўра, бош регуляторнинг 2021 йилдаги асосий мақсади инфляцион таргетлаш сиёсатини давом эттириш ҳамда инфляция кўрсаткичини 10 фоиздан оширмасликдан иборат.

Х  Х  Х

Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклидаги саммитида Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларус президенти, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Александр Лукашенконинг таклифига биноан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклидаги саммитида иштирок этди

Тадбирда Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди деб хабар қилган Кун сайти.

Тадбирда ЕОИИга аъзо давлатлар – Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Молдова ва таклиф этилган мамлакат сифатида Куба етакчилари иштирок этмоқда.

Шу йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.

Х  Х  Х

Жаҳон банки, Masdar компанияси (БАА) ва Осиё тараққиёт банки 100 МВт кучга эга бўлган Ўзбекистондаги илк қуёш электростанциясини молиялаштириш бўйича кредит ва суғурта шартномаларини имзолашди.

Ўзбекистоннинг Навоидан 35 км узоқликда жойлашадиган станция 2021 йилдан бошлаб «Миллий электр тармоқлари» га электр энергиясини етказиб беради деб хабар қилган Газета.уз.

Хабарга кўра, кеча Ўзбекистон, Жаҳон банки, Masdar компанияси (БАА) ва Осиё тараққиёт банки 100 МВт кучга эга бўлган Ўзбекистондаги илк қуёш электростанциясини молиялаштириш бўйича кредит ва суғурта шартномаларини имзолашди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг матбуот хизмати хабар берди.

Станция Ўзбекистонда хусусий компания томонидан қурилади  ва бошқариладиган энергетика соҳасидаги илк катта масштабли объектга айланади.

Халқаро молия корпорацияси (IFC, Жаҳон банкининг таркибига киради) ва ОТБ лойиҳани молиялаштириш учун 60 млн долларгача маблағ ажратади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки эса Masdar компаниясига акциядорлик жамиятини молиялаштириш учун 5,1 млн долларлик қисқа муддатли кредит ажратади.

Илк қуёш электростанцияни қуриш ва уни эксплуатацияни амалга ошириш ишлари билан Nur Navoi Solar компанияси шуғулланади. Компания Masdar’га тегишли.

Х  Х  Х

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 4,8 миллиард долларга ёки 12,9 фоизга камайди

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси жорий йилнинг 11 ойи ичида 32,9 миллиард долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 4,8 миллиард долларга ёки 12,9 фоизга камайганини мамлакат Давлат Статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 14,1 миллиард долларга (10,5 фоизга камайган) ва импорт ҳажми 18,7 миллиард долларга (14,7 фоизга камайган) етган. Ҳисобот даврида 4,57 миллиард доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган деб хабар қилган Дарё сайти.

Бу вақт давомида ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (17,4 фоиз), Россия (15,4 фоиз), Қозоғистон (7,9 фоиз), Жанубий Корея (5,8 фоиз), Туркия (5,7 фоиз), Қирғизистон (2,5 фоиз) ва Германия (2,2 фоиз) билан қайд этилган.

Экспорт таркибида етакчи ўринни олтин эгаллади — 40,9 фоиз. Ундан кейинги ўринларни саноат маҳсулотлари (18,3 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (8,6 фоиз), кимёвий моддалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (5,2 фоиз) эгаллади.

Кўрсатилган даврда МДҲ мамлакатларига турли хил тайёр маҳсулотлар, машиналар ва транспорт ускуналари, саноат товарлари, шунингдек, ичимликлар ва тамаки экспорти бўйича энг тез ўсиш кузатилди. Пасайиш биринчи навбатда минерал ёқилғи, кимёвий моддалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвонот ва ўсимлик мойлари экспортида қайд этилди.

Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (37,6 фоиз), саноат товарлари (17,2 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шу каби маҳсулотлар (13,8 фоиз) ҳисобига тўғри келди.

Х  Х  Х

Ўзбекистонда коронавирусга қарши ZF 2001 вакцинасининг III босқич синовлари доирасида вакцина олган фуқаролар сони 29 декабрь  куни 830 кишига етганини Инновацион ривожланиш вазирлиги хабар қилган.

Хитойнинг Anhui Zhifei Loncom Biofarmaceutical компанияси томонидан яратилган мазкур ZF 2001 рекомбинант вакцинасининг синовлари икки-томонлама номаълум, плацебо назорат усулда олиб борилмоқда деб хабар қилган Дарё сайти.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши ушбу вакцина клиник синовлари бошлангани 10 декабрь куни эълон этилганди. 26 декабрга келиб 488 нафар кўнгилли ушбу вакцина билан эмланганди. 29 декабрь куни вакцина синовлари давридаги вакцина олган фуқароларнинг сони энг кўп қайд этилиб, 191 нафар кўнгиллини ташкил этган.

Ушбу тадқиқот бутун дунё бўйича бир неча марказларда 18 ёшдан ошган жами 29 000 кўнгилли иштирокчини қамраб олади.

Х  Х  Х

Гулнора Каримова Швейцарияда бўлиб ўтган судда ғолиб чиққанидан кейин суд у банкда музлатилган қарийб 350 миллион долларлик активга эгалик қилиши мумкинлиги ҳақида қарор  чиқарган.

Швейцария федерал апелляция суди 3 декабрь куни Гулнора Каримовани Гибралтар офшор ҳудудида рўйхатдан ўтган Takilant Ltd. компаниясининг ҳуқуқий эгаси этиб топиш тўғрисидаги аризани кўриб чиққан ва уни қаноатлантирган. Мазкур компаниянинг Швейцария банкидаги ҳисобрақамида қарийб 350 миллион доллар миқдоридаги активлари 2018 йилда қабул қилинган жиноят иши қарори билан музлатилган  хабр қилган Bloomberg агентлигига таяниб, Кун.уз сайти.

Суд қарорига кўра, жиноят иши доирасида фақат Б. исмли шахс айбли деб топилган. У ҳужжатларни сохталаштириш, ноқонуний даромадларни легаллаштириш, Каримова номидан очилган компаниялар орқали поралар олишда айбдор деб топилган.

«Бу Гулнора Каримова учун муҳим ғалаба, федерал прокуратура унинг активларини мусодара этишга эришмоқчи эди», — деган Каримованинг адвокати Грегуар Манжа.