Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди вилоятлари ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги меморандумни имзолади
Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди вилоятлари ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги меморандумни имзолади
Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Мухамметқалий Абулғозиев бошчилигидаги делегациянинг Андижон вилоятига ташрифи якунлари бўйича икки мамлакат чегарадош вилоятлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланган. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати аппарати матбуот хизматига таяниб Кун уз сайти хабар берди. Маълум қилинишича, мазкур ҳужжат Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳамда Қирғизистоннинг Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятлари раҳбарлари томонидан имзоланган. Вилоятлар ҳокимлари чегара олди туманларида яшовчи аҳоли учун долзарб бўлган муаммоларни муҳокама қилиш мақсадида ҳар ойда учрашиб туришга келишиб олган.
Шунингдек, қирғиз-ўзбек ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ўзбек делегациясининг Қирғизистонга жавоб ташрифи режалаштирилмоқда. 130 кишидан иборат Қирғизистон делегациясининг ташрифи 1 октябрь куни амалга оширилган эди. Чегарадаги «Дўстлик» назорат-ўтказиш пунктида меҳмонларни бош вазир ўринбосари Адҳам Икрамов раҳбарлигидаги делегация тантанали кутиб олди. Делегация вакиллари билан Андижон Давлат университети, темир йўл вокзалининг янги биноси, «Дўстлик уйи», Хўжаобод туманидаги 10-умумтаълим мактабида учрашувлар ўтказилган. Олтинкўл тумани Далварзин маҳалласидаги замонавий русумда қурилган аҳоли тураржойларини кўздан кечириб, Асакадаги GM Uzbekistan автомобиль заводига ташриф буюришди. Шунингдек, қирғиз миллатига мансуб Ўзбекистон фуқаролари билан ҳам учрашув ўтказилди. Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси, Ўш ва Боткен вилоятлари ҳокимиятларининг ваколатли вакиллари, Ош мэри, оқсоқоллар ҳамда маданият арбобларидан иборат делегация ҳамда учрашув иштирокчилари учун кун якунида Ўзбекистон санъат усталари ҳамда Қирғизистондан келган санъаткорлар томонидан катта концерт дастури намойиш этилди.