Афғонистон ва Тожикистон диний уламолари Самарқандга сафар қилишди
Имом Бухорий меъросига бағишланган халқаро анжуманда иштирок этиш учун Афғонистон ва Тожикистон диний уламолари 13 ва 14 март кунлари Самарқанд шаҳрига етиб келишди деб хабар қилмоқда Дин ишлари қўмитаси.
13 март куни Афғонистонлик меҳмонлар Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамроҳлигида Афғонистон делегацияси Термиз шаҳридаги “Ҳайратон” чегара масканида юксак савияда кутиб олинди деб хабар қилди Спутник сайти..
Меҳмонлар дастлаб Имом Термизий мажмуасини зиёрат қилишди. У ерда Қуръон тиловат қилинди ҳамда эзгу ва хайрли дуолар қилинди. Шундан сўнг делегация вакиллари Термиздан Самарқанд шаҳрига етиб келишди.
14 март куни эса, Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси вакиллари Самарқанд вилояти “Саразм-Жартепа” чегара масканида Тожикистон делегациясини кутиб олдилар. Дастлаб меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишди.
Шунингдек, 14 март куни Тожикистон ва Афғонистон делегацияси вакиллари дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди.
Ундан сўнг эса Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Аҳмедов ва Мусулмонлар идораси раиси, муфтий У.Алимов ҳамроҳлигида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида бўлишди.
У ерда меҳмонлар Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. Муассасада талаба ёшлар учун яратилган шарт-шароит кўздан кечирилди. Мисрнинг Ал-азҳар университети профессори Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон иштирокидаги машғулотлар ва дарс жараёни кузатилди. Талабалар билан мулоқот бўлиб ўтди.
Меҳмонлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ва у ердаги музейга ҳам ташриф буюришди.