март 20, 2021 12:11 Asia/Tashkent
  • Наманганда янги

Бугун, 19 март куни Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги "Афсоналар водийси" истироҳат боғида қад ростлаган "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жомеъ масжидида илк бор жума намози адо этилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ноодатий лойиҳа асосида бунёд этилган ушбу масжидда бир вақтнинг ўзида 15 минг намозхон ибодат қилиши мумкин. Хонақоҳнинг ўзига 4,5 минг киши сиғади. Бугунги ибодатга 10 минг нафардан зиёд намозхон келди.

"Бу даргоҳ вилоятдаги 189-масжид бўлиб, бу ерда намозхонлар учун барча қулайликлар ҳозирланган. Ушбу масжидда илк бора ўқилган жума намозида бу каби масканлар кўплаб бунёд этилишини ният қилдик", — дейди «Юсуфхон ўғли Қосимхон» масжиди имом-хатиби Мусохон Аббасиддинов.

Бу ерда бир вақтнинг ўзида 100 кишига хизмат қиладиган таҳоратхона ҳам битказилди, замонавий иситиш ва совитиш тизимлари ўрнатилди.

20 минг квадрат метр жойда қад ростлаган масжиднинг умумий майдони 4 гектарни ташкил этади. Шундан 2 гектари 700 ўринли автотураргоҳ учун мўлжалланган.

Ёрлиқ