Москвада 500 нафарга яқин ўзбекистонлик маош кечикаётганидан шикоят қилди
-
Москвада 500 нафарга яқин ўзбекистонлик маош кечикаётганидан шикоят қилди
Москва шаҳрида жойлашган “Монолит капитал строй” қурилиш компаниясида меҳнат қилаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар иш берувчи ташкилотдан норози бўлиб, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонасига мурожаат қилган.
Ўзбекистон агентлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ республиканинг Россия Федерациясидаги элчихонаси масъул ходимлари билан биргаликда воқеа жойига бориб, вазиятни ўрганганди.
19 май куни Агентликнинг Москва шаҳридаги ваколатхонасида фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтган. Маълум бўлишича, қурилиш объектларида мустақил равишда, иш берувчи билан ўзаро келишув асосида иш бошлаган Ўзбекистон фуқароларга иш ҳақларининг берилиши кечиктирилган ва бу ҳолат уларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Агентлик томонидан яшаш жойисиз қолган фуқаролар бепул ётоқхона ва 3 маҳал овқат билан таъминланган, ишсиз қолганларга бошқа иш жойлари таклиф қилинган.
Ҳозирги вақтда 500 нафарга яқин фуқароларнинг шикоятлари асосида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иш ҳақларини ундириб бериш мақсадида Москва шаҳар прокуратураси, Тергов қўмитаси ҳамда Меҳнат инспекцияларига расман мурожаат қилинган.