июн 22, 2021 10:08 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси коронавирус сабаб ёпилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига кўра, Республика махсус комиссияси Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганини инобатга олиб, ўзбек-афғон давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Шу билан бирга, Афғонистон фуқароларига туристик визалар беришни ҳамда туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади.

Бунда «Термиз-автойўл» чегара ўтказиш пункти орқали қуйидаги тоифадаги фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади:

  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалар ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига;
  • халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга;
  • ўз юртига қайтаётган Ўзбекистон ва Афғонистон фуқароларига.

Шунингдек, «Термиз-автойўл» чегара ўтказиш пункти орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан ўтказиш пунктида фаолият юритаётган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.

Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган Ўзбекистон фуқаролари эса тегишли ҳудудда жойлашган махсус клиникаларга даволаш учун юборилади.

Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.

Бундан ташқари, синов тариқасида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Ўзбекистонга чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келган барча шахслардан, республика ҳудудига кириб келганларидан сўнг 7-кунига қадар коронавирус инфекциясига полимераза занжирли реакция текширувини ўтказиш ва бунда тест харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тизими жорий этилади.

Аввалроқ Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 1 ва 2-юқумли касалликлар шифохонасига бўлаётган мурожаатлар сўнгги кунларда икки баробарга ошгани, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланувчилар гуруҳи яна кенгайтирилиши тўғрисида хабар берилганди.

Ёрлиқ