Ўзбекистонда карантин талаблари кучайтирилмоқда
Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри қўшни вилоятлар учун икки ҳафтага ёпилади, бутун республикадаги кўнгилочар объектлар иш фаолияти чекланади
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги карантин тартиб ва чекловларига қўшимчалар киритилгани тўғрисида маълум қилди.
Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётганлигини инобатга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таклифига биноан, бугунги кунга қадар Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан жорий этилган тартиб ва чекловларга қўшимчалар киритилди:
жорий йилнинг 28 июнидан 12 июлига қадар Тошкент шаҳрига қўшни вилоятлардан автотранспорт (автобус, автомобиль) воситалари орқали ўта зарурат бўлмаган ҳолларда кириш бўйича чекловлар ўрнатилди;
хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламлари билан биргаликда Тошкент шаҳри аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ихтиёрий тарзда оммавий эмланиши белгиланди;
жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб республика бўйлаб кўнгилочар объектлар – ресторан, тунги клублар, дискотека, караоке, бильярд заллари ва компьютер ўйинлари марказлари ҳамда умумий овқатланиш объектлари – кафе, ошхона, чойхоналарни ишлашига соат 8:00дан 20:00гача рухсат берилади;
кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектларида ташриф буюрувчиларга ушбу муассасаларнинг умумий сиғимининг 50 фоизидан қатъий оширмаган ҳолда хизмат кўрсатиш белгиланди.