Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Афғонистон чегараолди вазияти юзасидан фикр алмашдилар
Бугун Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасидаги телефон орқали мулоқотида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилган деб хабар бермоқда Дарё сайти.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа тармоқларда кооперацияни кенгайтириш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди. Ҳамкорлик бўйича янги лойиҳаларни илгари суришда ҳукуматлараро комиссия алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.
Мирзиёев ва Бердимуҳаммедов халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашиб, Афғонистондаги, жумладан, ушбу мамлакат шимолий чегараолди ҳудудларидаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини ҳам муҳокама қилди.