Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Жозеп Боррел мулоқот қилдилар
Тошкентда бугун бошланган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция доирасида Шавкат Мирзиёев Европа комиссияси вице-президенти, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел билан учрашди.
Шавкат мирзиёев ва Жозеф Боррель кўп қиррали Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилишди.
Жозеп Боррел давлат раҳбарига Европа кенгаши раиси Шарль Мишель ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг саломи, энг эзгу тилакларини етказди. Шунингдек, Ўзбекистон етакчисининг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини мустаҳкамлаш борасидаги глобал ташаббуси муҳим аҳамиятга эга ва ўз вақтида илгари сурилаётганини таъкидлади деб хабар қилган Дарё сайти.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЕИ шериклиги жадал суръатлар билан ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этилди. Кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, инсон капитали ва демократик янгиланишлар, бизнес, инвестиция ва инновацияларни илгари суриш, «яшил» тараққиёт, экология, маданий алмашинув ва бошқа йўналишларда янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланди. Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим бўйича музокаралар якунига етаётгани маълум қилинди.
Халқаро кун тартиби юзасидан ҳам батафсил фикр алмашилди. Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.