Қўқонда Суриядаги террорчилик ташкилоти таркибига кирмоқчи бўлган «Жиҳодчилар» қўлга олинди
(last modified Sat, 24 Jul 2021 05:25:44 GMT )
июл 24, 2021 10:25 Asia/Tashkent
  • Қўқонда Суриядаги террорчилик ташкилоти таркибига кирмоқчи бўлган «Жиҳодчилар» қўлга олинди
    Қўқонда Суриядаги террорчилик ташкилоти таркибига кирмоқчи бўлган «Жиҳодчилар» қўлга олинди

Ўзбекистон давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими тарафдорларини қўлга олдилар.

Дурадгорлик билан шуғулланувчи, 23 ёшли фуқаро муқаддам Туркиянинг Истанбул шаҳрида ишлаган вақтида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти эмиссарлари таъсирига тушган ва кейинчалик яшаш манзилига қайтиб келгач, мазкур ташкилот ғояларини атрофдагиларга тарғиб қила бошлаган. Натижада 9 кишидан иборат гуруҳ шаклланган.

«18—27 ёш оралиғида бўлган гуруҳ аъзолари орасида реклама агентлигида ва пойабзал ишлаб чиқариш цехида ишловчи, шунингдек, уй шароитида болалар кийимлари ишлаб чиқариш ва сартарошлик билан шуғулланувчи шахслар бор», — дейилади Дарё хабарида.

Хабарда келтирилишича, улар Қўқон шаҳрининг турли мавзеларида тўпланиб, халқаро террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган «Абу Салоҳ», «Абдуллоҳ Зуфар», «Абдуллоҳ Бухорий»ларнинг ҳижрат ва жиҳод тўғрисидаги маърузалари ҳамда даъватларини тинглаб, ўзаро муҳокама қилиб келган. Шунингдек, улар келгусида Суриядаги террористик ташкилотлар сафига бориб қўшилишни режалаштирган.

«Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими  аъзоларининг мобил телефон аппаратларида Ўзбекистон қонунчилигида тақиқланган аудио-видео кўринишидаги диний материаллар борлиги аниқланган. Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ёрлиқ