август 07, 2021 11:17 Asia/Tashkent
  • ХДП президентлик сайловида Мақсуда Ворисова номзодини илгари суради

Ўзбекистон президентлик сайловида Халқ демократик партияси томонидан Мақсуда Ворисова номзод сифатида иштирок этади. Бунгача Экопартия, «Адолат» ва «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳам ўз раисини президентлик сайловида номзод сифатида тавсия этганди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 7 август кунги IV пленумида 2021 йилги президентлик сайловида Мақсуда Ворисовани номзод сифатида кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.

Пленум давомида Мақсуда Ворисова номзоди партия қурултойида номзод сифатида илгари суриш таклифи билдирилди. Сўзга чиққанлар бу таклифни бир овоздан маъқуллади.

М.Ворисова 1961 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1984 йили Тошкент медицина институтини тугатган. Кўп йиллар давомида соғлиқни сақлаш тизимида, шунингдек, бош вазир ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Сенат аъзоси, Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият юритган. 

Ўзбекистон президенти сайлови кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Сайловларда 5 та партия – «Адолат» СДП, «Миллий тикланиш» ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга. Сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади. 

Қонунчиликка кўра, партия юқори органи унинг номзодини маъқуллаши, Республикадаги жами сайловчиларнинг камида 1 фоизи номзодни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши керак бўлади.

Бундан олдинроқ, Экопартия президентлик сайлови учун партия раиси Нарзулла Обломуродов номзодини, «Адолат» социал-демократик партияси партия сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов номзодини, «Миллий тикланиш» партияси партия раҳбари Алишер Қодиров номзодини тавсия этганди.

Ёрлиқ