Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича позициясини таъкидлади
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги байрам тадбирида Афғонистонда ҳокимият транзити миллий келишув асосида, тинч йўл билан амалга оширилиши ўта муҳим эканлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги байрам тадбирида ташқи сиёсат, хусусан Афғонистондаги ҳокимият алмашинуви масаласига тўхталиб ўтди.
“Сўнгги кунларда ён қўшнимиз Афғонистонда юз бераётган воқеаларни ҳаммамиз ташвиш билан кузатиб турибмиз. Биз бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдоримиз.
Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда кўприк вазифасини бажара олишига ишонамиз.
Афғонистон билан алоқаларимизда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ички ишларга аралашмаслик тамойилларига содиқ қоламиз.
Ушбу мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда, миллий келишув асосида тинч йўл билан амалга оширилиши ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ўз сўзида Марказий Осиёда чегаралар очилиб, бир мамлакатдан иккинчисига бориб келиш анча осонлашганини қайд этди.