Ўзбекистонда икки юк поезд тўқнашуви оқибатида 20 та вагон ағдарилди
«Ўзбеккўмир»нинг кўмир ортилган поезди бошқарувсиз ҳаракатланган бошқа состав билан тўқнашди. ФВВ машинист ва ёрдамчиси жароҳатлангани ҳақида хабар берди
Ижтимоий тармоқларда кўмир ортилган юк поезди Ангрен ҳудудида изидан чиқиб кетгани, темир йўл устида ва ён атрофида ётган кўмир ортилган вагонлар мажақланиб кетгани акс этган видеолар тарқалди.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, ушбу ҳолат 19 декабрь куни соат 05:03да Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридан 19 км шарқий йўналишда жойлашган «Ўзбеккўмир» АЖга қарашли «Ангрен кўмир кони» ҳудудидаги темир йўлда содир бўлган.
Авария 10-сонли локомотив состав электровознинг сиқилган ҳавосиз қолиши оқибатида бошқарувсиз ҳаракатлангани ва 1-йўлда ҳаракатланиб кетаётган 17-сонли локомотив составига урилгани оқибатида келиб чиққан. Натижада жами 33та юк вагонидан 20та вагон (010-сонли локомотив составидан 14та кўмир ортилган юк вагон ва 017-сонли локомотив составидан 6та бўш юк вагони) темир йўли изидан чиқиб, ағдарилган.
Ҳодиса оқибатида 010-сонли локомотив состави машинисти ва унинг ёрдамчиси енгил тан жароҳати олгани айтилган. Улар «Темир йўл транспорти» филиали ҳудудидаги Тиббий ёрдам пунктига олиб борилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган ва Ангрен шаҳар шифохонасига юборилган.
«Мазкур ҳолат оқибатларини бартараф этиш мақсадида воқеа жойига «Ўзбеккўмир» АЖ тасарруфидаги «Темир йўл транспорт» филиалидан 2та юк крани, 2та погрузчик ва 50 нафар ишчи-ходимлар жалб этилган. Бартараф этиш ишлари давом этмоқда.