Самарқандда «Жиҳодчилар»нинг яна бир гуруҳ виртуал аъзосига ҳукм ўқилди
Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида террористик ташкилотнинг виртуал жамоати аъзоларига ҳукм ўқилди.
Жиноят иши материалларига кўра, Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида яшовчи «Жиҳодчилар» жамоатнинг 11 нафар аъзолари бир гуруҳга бирлашиб, фуқароларни Сурияга «жиҳод» қилиш мақсадида юборишни кўзлаб, интернет ижтимоий тармоқларида виртуал гуруҳ тузган деб хабар қилган Дарё сайти.
Жамоат фаол тарзда ёшларни гуруҳга жалб қилиш билан шуғулланиб, террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамоларини мурожаат ва чақириқлари акс этган интернет тармоғидан олинган материалларни Самарқанд шаҳридаги ошхона ва интернет-кафеларда муҳокама қилиб келган. Натижада жамоат аъзолари экстремистик ғоялар таъсирида Суриядаги жангарилар сафига қўшилишни мақсад қилган.
Юқоридаги виртуал жамоатнинг фаол аъзоларига нисбатан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Бундан олдин Тошкентда Сурияга бориб, жангарилар сафига қўшилишни режалаштирган талаба ва икки нафар мактаб ўқувчисига суд ҳукми ўқилгани хабар қилинганди.