Абдулазиз Комилов: Украина атрофидаги вазиятдан хавотирдамиз ва куч ишлатишни тўхтатилишини истаймиз
(last modified Sun, 13 Mar 2022 10:21:25 GMT )
март 13, 2022 15:21 Asia/Tashkent
  • Абдулазиз Комилов: Украина атрофидаги вазиятдан хавотирдамиз ва куч ишлатишни тўхтатилишини истаймиз
    Абдулазиз Комилов: Украина атрофидаги вазиятдан хавотирдамиз ва куч ишлатишни тўхтатилишини истаймиз

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Туркиядаги форум вақтида Тошкент давлати Украина атрофидаги вазиятдан хавотирда ва куч ишлатишни тўхтатиб, барча муаммолар дипломатик йўл билан ҳал этилиши тарафдори деб айтди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркиянинг Анталия шаҳридаги Дипломатик форум вақтида Украинадаги вазият бўйича муносабат билдирди.

«Биз жуда хавотирдамиз. Биз бу ҳақида кўп гапиришимиз мумкин. Аммо дунёдаги аксарият одамлар каби, биз ҳам куч ишлатиш тўхташини ва барча муаммолар сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал қилинишини хоҳлаймиз», деди у ANews канали мухбири саволига жавобан.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари форумда Афғонистон масаласидаги сессияда чиқиш қилган ва барқарор ривожланишга фақат ҳамкорлик ва алоқаларни кенгайтириш орқали эришиш мумкинлигини таъкидлаган.

Абдулазиз Комиловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўзининг географик жойлашуви туфайли Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида кўприк барпо этишда муваффақият қозонган Туркиядан ўрнак олиб, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини бир-бирига яқинроқ боғлашга интилади. У Ўзбекистон ҳам ўз географик жойлашувидан келиб чиқиб, шу каби рол бажаришига ишонч билдирган деб хабар қилган Дарё сайти.

Комилов бугунги кунда Афғонистондаги асосий вазифа —  гуманитар инқирозга йўл қўймаслик эканини таъкидлади.