Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан олий даражадаги келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилди
(last modified Sat, 09 Apr 2022 05:42:28 GMT )
апрел 09, 2022 10:42 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан олий даражадаги келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилди
    Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан олий даражадаги келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев кеча Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари муқаддас Рамазон ойи бошлангани билан бир-бирини самимий табриклаб, биродар Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аввал эришилган келишувлар амалга оширилишининг бориши батафсил муҳокама қилинган.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини илгари суришга, шу жумладан, Ўзбекистон—Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолиятини бошлаш, Қамбарота 1-гидроэлектр станцияси ва Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштириш, саноат кооперациясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, маданий-гуманитар соҳадаги сермаҳсул алмашинувлар ва қўшма дастурлар амалга оширилаётгани катта мамнуният билан қайд этилган. Қабул қилинган қарорларни сўзсиз бажариш мақсадида ҳукуматлар даражасида фаол мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинган.

«Давлат раҳбарлари бўлажак олий даражадаги учрашувлар режасини кўриб чиқдилар. Минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон ва Қирғизистон пезидентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона руҳда ўтди», — дейилади хабарда.