Ўзбекистон масжидларида Рамазон ҳайити намози ўқилди
2 май куни Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон масжидларида ҳайит намози ўқилди.
Бугун, 2 май куни эрта тонгда республикамиз бўйлаб барча масжидларда Рамазон ҳайити намози ўқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ҳайит намозини адо этиш учун йиғилган намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида барча зарурий ишлар амалга оширилди. Масжидга туташ кўчалар вақтинча ёпилиб, намозхонлар учун жойлар ажратилди. Ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари навбатчилиги ташкил этилди.
Масжидларда Ҳайит намозига йиғилган барча мусулмонлар ушбу қутлуғ ва муқаддас байрам билан қутланиб, тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун яратганга шукроналар айтилди. Шунингдек, Ҳайит байрами фазилатлари борасида маъруза қилинди деб хабар қилди уза.уз.
Хусусан, Ҳайит байрами тарихи, муқаддас ислом дини буюрган ибодатлар, Ўзбекистондаги ислом дини ривожи, маънавий қадриятлар юксалиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, мамлакатдаги бугунги фаровон ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш, бу кунни улуғ байрам сифатида яхши кайфиятда ўтказиш лозимлиги тавсия этилди.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Транспорт вазирлиги, жойлардаги ҳокимликлар билан биргаликда юртдошларимиз учун муборак Рамазон ҳайит намозини мукаммал адо этиши учун эрта тонгдан транспорт хизматини йўлга қўйди.
Аҳолининг мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларини ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятларни ҳозирлади.
Айни пайтда жойларда Рамазон ҳайити муносабати билан уламолар, имом-хатиблар, фахрийлар, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари томонидан маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мутасадди ва саховатпеша ҳомийлар томонидан саховат тадбирлари доирасида кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилмоқда.