Владимир Норов ва Жээнбек Кулубаев ўзбек-қирғиз чегарасидаги можарони муҳокама қилди
(last modified Sun, 08 May 2022 05:19:26 GMT )
май 08, 2022 10:19 Asia/Tashkent
  • Владимир Норов ва Жээнбек Кулубаев ўзбек-қирғиз чегарасидаги можарони муҳокама қилди
    Владимир Норов ва Жээнбек Кулубаев ўзбек-қирғиз чегарасидаги можарони муҳокама қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчиси ва Қирғизистон ташқи ишлар вазири телефон орқали мулоқотда чегарадаги отишмани муҳокама қилди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи Владимир Норов Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев билан телефон орқали мулоқот қилганини Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилган..

«Томонлар турли соҳаларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, янги мазмун билан бойигани таъкидланди», — дейилади Газета сайтининг Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига таяниб нашр этган хабарда.

Олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада жадаллаштириш бўйича чораларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Бўлажак тадбирлар жадвали, кун тартиби ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

ТИВ илиқ ва дўстона руҳда ўтган суҳбат якунида мунтазам алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.

Ўз навбатида, Қирғизистон ТИВ суҳбатдошлар 5 май куни ўзбек чегарачилари томонидан қурол қўллангани, натижада Қирғизистоннинг уч фуқароси ҳалок бўлган чегарадаги ҳодисани муҳокама қилганини қайд этилган.

«Томонлар чегара ҳудудида салбий оқибатларга йўл қўймаслик, шунингдек, дўстлик ва яхши қўшничилик асосида қирғиз-ўзбек ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича ишларни давом эттириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигини таъкидладилар», — дейилади Қирғизистон томони хабарида.

Ёрлиқ